вторник, 26 июля 2016 г.

Ҳаётбахш мусиқа

Чарли Дарвин умрининг охирида ўзининг шеъриятга, мусиқага бўлган иштиёқининг камайгани хусусиятида ўкиниб, “Агар ҳаётимни қайтадан бошлаш насиб қилганда, ҳар ҳафтада лоақал бир марта шеър ўқиш, мусиқа тинглашни қоида қилиб, шу йўл билан мия ҳужайраларининг фаол ҳолатда сақлаб қолган бўлар эдим”, деб ёзган эди.


Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг ҳис туйғулари маълум тарбияга, парваришга, мунтазам қилинадиган машқларга мухтож. Бу борада мусиқанинг аҳамияти катта. Мусиқа таъсирида киши ғоят нозик ва теран ҳиссиётларни, эҳтиросларни бошдан кечиради. Инсоният қадимдан мусиқанинг турли туйғуларни қўзғатиш хусусиятларидан фойдаланиб келган. Мусиқанинг шифобахш хусусияти кўпчиликка маълум. Айни пайтда турли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда мусиқа кенг қўлланилмоқда. Мусиқа билан даволаш тарихи қадим замонларга бориб тақалади. Табиблар асабларни даволашда мусиқа, рақс ва турли хилдаги нарсалардан фойдаланишган. Айтишларича, Тангри одам танасини яратгандан сўнг куй ёрдамида вужудига жон киритган экан, эрамиздан тўрт минг йил аввал ҳам касалликлар мусиқа билан даволанган. Пифагор ва Арасту мусиқанинг турли хилдаги даволаш усуллари ҳақида ёзиб қолдиришган.
Ал –Хоразмийдан “Учта даво усулидан қайси бири сизга маъқул?” деб сўрашганларида, “Тўртинчиси”, деб жавоб берган. Унинг бу гапидан ҳамма ҳайрон бўлиб қолган. “Менинг ватанимда, дейди ал Хоразмий , қадим замонлардан бери касалликларни даволашда сўз, дори дармонлар, тил ва мусиқадан фойдаланадилар. Менга моҳир созанданинг созидан чиққан ҳар қандай ҳазин куй ҳар қандай доридан яхши таъсир қилади ва шифо ато этади”.
Алишер Навоий “Сабъайи Сайёр” асарида анвойи гуллар инсон соғлигига ижобий таъсир қилишини ёзади. Навоий бежизга Наво таҳаллусини танламаган. Мусиқанинг турли касалликни даволашдаги кучини яхши билган.
Майпарастларни мусиқа билан даволаш мумкинлигини айтган. Созларнни моҳирона чала билган Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийларнинг илтимосига кўра, мусиқа ҳақида асар ёзиб, айниқса, мақомларнинг инсон руҳига қанчалик кучли таъсир қилишини исботлаб берган. Масалан, Ушшоқ, Наво, Рост, Ироқ, Исфахон, Бозиргоний, Бузрук, Роҳат, Ҳусайний, Дилхирож каби куйлар эса дилларни янада шодлантиради.
Айни пайтда асаб тизими ишдан чиққан, ичкиликка мубтало бўлган беморларни мусиқа билан даволаш бир қатор мамлакатларда кенг қўлланилмоқда. Демак, дори-дармон ўрнини босиши мумкин. Шу мақсадда шифокорлар мумтоз (классик) мусиқани тавсия қиладилар. Аниқланишича, Бетховеннинг 5-синфонияси юрак фаолиятига хуш таъсир қилади. “Ой сонатаси” эса безовта асабларни тинчлантиради. Бахнинг “Италия концерти” куйини тинглаган одамнинг ғазаби босилар экан. Шопенннинг “Мазурка” куйлари ва Штрауснинг валс оҳанглари кишидаги хавотирли туйғуларни аритади. Чавкоскийнинг "Оққуш кўли" одамларда кўтариладиган қон босимини туширади. Шопеннинг “Ноктюрни реминор” асари ҳам қон босими ошганда фойда қилади.
Шунингдек, классик мусиқанинг  сигирларга ҳам ёқиши ҳам фанда исботланган. Уларга асосан Бахнинг асарлари манзур бўлар экан. Тажриба ўтказилганда симфоник мусиқа сигир сутини 5-10 фоизга кўпайтиргани, замонавий суронли оҳанглар эса аксинча  сутни камайтириб юборгани аниқланган.

Инобат Каримова